ТОШКEНТ, 29 дек — Sputnik. 2026–2028 йилларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмани ривожлантиришга бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан 3,4 триллион сўм маблағдан самарали фойдаланишни ташкил этиш белгиланди.
Бу ҳақда президент томонидан имзоланган “2026–2028 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда қайд этилган.
Шунингдек, дастурнинг асосий устувор йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланди, жумладан:
қурилиш объектларини лойиҳалашда “яшил” технологияларни кенг жорий этиш;
илғор касбий маҳорат техникумлари биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларига 150 миллиард сўм маблағ йўналтириш.
Дастур доирасида янгидан бошланадиган объектларни лойиҳалаштиришда қуйидагилардан фойдаланиш инобатга олинмаган тақдирда, лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказишга йўл қўйилмайди:
энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларидан фойдаланиш;
экологик тоза ва энергия самарадорлиги юқори бўлган қурилиш материалларини қўллаш.
Қайд этилишича, 2026 йилдан бошлаб лойиҳа қиймати БҲМнинг 6 000 баробаридан юқори бўлган, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш лойиҳалари Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида қамраб олинади.