ТОШКEНТ, 28 дек — Sputnik. Қорақалпоғистон Солиқ бошқармасининг икки нафар бош инспектори томонидан тамагирлик йўли билан 700 доллар ва 15 миллион сўм пул маблағини олишга уриниш вақтида уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу бош инспекторлар Нукус шаҳрида озиқ-овқат маҳсулотлари чакана савдоси билан шуғулланувчи МЧЖ фаолиятини текшириш жараёнида гўёки 213 миллион сўм миқдорида солиқ қонунчилиги бузилиши аниқланганини билдириб, ушбу суммани 34 миллион сўмгача камайтириб бериш эвазига корхона раҳбаридан 2 минг доллар талаб қилган.
Қайд этилишича, пул маблағлари олдиндан келишилган тартибда воситачилик қилган собиқ солиқ идораси ходими орқали олинаётган вақтда ушбу ҳолатга барҳам берилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан уч нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.