ТОШКEНТ, 28 дек — Sputnik. 2026 йил 1 февралдан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва Камбағал оилалар реестри асосида ягона Ижтимоий реестр юритилади ва унда оилалар ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб, “давлат таъминотидаги оила”, “камбағал оила” ва “камбағаллик чегарасидаги оила” тоифаларига ажратилади.
Бу тартиб ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган Президент фармонида кўрсатиб ўтилган.
Фармонга мувофиқ, Ижтимоий реестр “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида шакллантирилади.
Шунга мувофиқ, бундай оилалар қуйидаги тоифаларга ажратилади:
“Давлат таъминотидаги оила” — агар оила аъзолари меҳнатга лаёқатсиз бўлиб, киши бошига тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромад минимал истеъмол харажатларидан кам бўлса;
“Камбағал оила” — меҳнатга лаёқатли аъзолари мавжуд бўлган, бироқ уларнинг ҳар бирига тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромад минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган оилалар;
“Камбағаллик чегарасидаги оила” — оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромад минимал истеъмол харажатларининг 1 бараваридан 1,5 бараваригача бўлган ҳолатлар.
Давлат таъминотидаги оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам уларнинг бандлигига қарамасдан, автоматик тарзда тўлаб борилади.
Камбағал оилаларга нафақа 6 ойга тайинланади ва меҳнатга лаёқатли аъзоларнинг расмий иш билан таъминланиши талаб қилинади.
Камбағаллик чегарасидаги оилаларга эса ёрдам 6 ой давомида тўланади, даромад ошган сари нафақа миқдори 75 ёки 50 фоизгача камайиб боради.
Камбағал оилаларга нафақа 6 ойга тайинланади ва меҳнатга лаёқатли аъзоларнинг расмий иш билан таъминланиши талаб қилинади.
Камбағаллик чегарасидаги оилаларга эса ёрдам 6 ой давомида тўланади, даромад ошган сари нафақа миқдори 75 ёки 50 фоизгача камайиб боради.
Шунингдек, давлат таъминотидаги оилалар учун қўшимча ижтимоий ёрдам пакети жорий этилади. Уларга:
уйига қуёш панеллари ўрнатиш учун субсидия,
тадбиркорликни йўлга қўйиш ёки кенгайтириш учун имтиёзли кредитлар ажратилади.
Ижтимоий реестрга киритиш ёки ундан чиқариш бўйича келишмовчиликларни ҳал қилиш учун 2026 йил 1 февралдан туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида апелляция кенгашлари ташкил этилади. Улар мустақил фаолият юритиб, қарорларни қайта кўриб чиқиш ҳуқуқига эга бўлади.