Мирзиёев: 2030 йилгача олтин ишлаб чиқариш ҳажми 175 тоннага етказилади

Навоийдаги олтин конларида маъдан қазиб олиш бўйича 320 млн долларлик лойиҳа ишга туширилиб, қўшимча 2 млн тонна маъдан қайта ишланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 дек – Sputnik. 2030 йилгача Ўзбекистонда олтин конларида маъдан қазиб олиш бўйича янги лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига олтин ишлаб чиқариш ҳажми 175 тоннага етказилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномаси чоғида маълум қилди.
Давлат раҳбарининг маълум қилишича, саноатда янги технологик босқичга ўтиш ва қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш бўйича ривожлантириш дастури бошланади.
Дастур доирасида келгуси беш йилда саноатда қўшилган қиймат ҳозирги 36,5 млрд доллардан камида 60 млрд долларгача етказилади, юқори ва ўртадан юқори технологияли тармоқлардаги ишлаб чиқариш ҳажми 2,5 баробар оширилади.
2026 йилда старт берилиши мўлжалланган 52 млрд долларлик 782 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳалари бунга замин ҳозирлайди. Келгуси йилда, шунингдек, 14 млрд долларлик 228 та янги йирик қувватлар ишга туширилиши кўзда тутилган.
"Навоийдаги олтин конларида маъдан қазиб олиш бўйича 320 млн долларлик лойиҳа ишга туширилиб, қўшимча 2 млн тонна маъдан қайта ишланади. Шунингдек, “Мурунтов” конини ўзлаштиришнинг навбатдаги босқичи ҳамда кумуш конлари бўйича 2 млрд 300 млн долларлик йирик лойиҳалар амалга оширилади. Натижада йилига 18 миллион тонна маъданни қайта ишлаш қуввати барпо этилиб, 2030 йилгача олтин ишлаб чиқариш ҳажми 175 тоннага етказилади”, - деди Мирзиёев.
Шунингдек, давлат раҳбари саноатни ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳаларни санаб ўтди. Жумладан:
Олмалиқ комбинатида қиймати 2 млрд 700 млн доллар, қуввати 300 минг тонна мис катодидан иборат янги металлургия мажмуаси;
"Самарқанд кимё" заводида йилига 370 минг тонна фосфорли ва 540 минг тонна мураккаб ўғитлар ишлаб чиқаришга қаратилган қиймати 381 млн долларлик лойиҳа;
Қашқадарёда маиший кимё, полимер, синтетик ёқилғи учун йилига 50 минг тонна алкилбензол маҳсулоти олишга мўлжалланган 200 млн долларлик кимё заводи қурилиши лойиҳаси ва бошқалар.
Умуман, 2026 йилда кимё саноатида 4,5 млрд долларлик, тоғ-кон металлургия, нефть-газ, автомобилсозлик, тўқимачилик ва қурилиш материаллари тармоқларининг ҳар бирида 3 млрд доллардан, электротехникада 2 млрд долларлик, фармацевтикада 800 млн долларлик янги лойиҳаларга старт берилиши кутилмоқда.
"Шу тариқа, 2026 йилда жами экспорт 40 млрд долларга етказилиб, тайёр ва яримтайёр маҳсулот улуши 55 фоиздан оширилади", — деди давлат раҳбари.
Ўзбекистон захираларидаги олтин миқдори ва улуши — инфографика