ТОШКЕНТ, 26 дек – Sputnik. 25 декабрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил учун (ЎРҚ-1105-сон) Давлат бюджети тўғрисидаги қонунни имзолади.
Қонун келаси йил учун Ўзбекистон консолидациялашган бюджетини шакллантириш ва ижро этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.
Ҳужжатга кўра, 1-даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга Ўзбекистоннинг республика бюджетидан ушбу қонунга мувофиқ ажратиладиган бюджет маблағларидан фақат 2026 молия йили давомида фойдаланилади ва улар келгуси молия йилига ўтказилмайди.
2026 йил учун қуйидагилар тасдиқланди:
мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний ва юридик шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари;
товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимларнинг чекланган ставкалари;
чет давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон ҳудудига кирганлиги ва унинг ҳудуди орқали транзити учун йиғимларнинг ставкалари.
2026 йил учун Ўзбекистон консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизи миқдорида белгиланди.
Ушбу ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 5 декабрь куни қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 18 декабрь куни маъқулланган. Қонун 1 январдан эътиборан кучга киради.