ТОШКЕНТ, 25 дек – Sputnik. Жорий йилда ўрмонларни барпо этиш ва тиклаш ишлари 150,7 минг гектар майдонни қамраб олди ва Ўзбекистон ҳудудини қоплаган ўрмонларнинг умумий майдони 4,7 миллион гектарга етди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, ўрмон-мелиорация тадбирларининг асосий қисми Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудига тўғри келиб, у ерда 145,2 минг гектар майдон ўзлаштирилди.
Маълумотларга кўра, жорий йилда ушбу йўналишда қуйидаги ишлар ҳам амалга оширилди:
979 тонна дарахт ва бута уруғлари тайёрланди;
мамлакатдаги барча ўрмон хўжаликларида 1300 гектар майдонда замонавий кўчатхоналар ташкил этилди;
маҳаллий тупроқ-иқлим шароитларига мослашган 123 миллион туп кўчат ва ниҳол етиштирилмоқда;
чўл ва тоғолди ҳудудларида 1390 гектар майдонда ҳимоя ўрмон чизиқлари барпо этилди;
тоғли ва адир ҳудудларда 41 гектар майдонда ўрмонлар террасалаш усулида яратилди;
5890 гектар ер майдонида 7918 тонна доривор ва озиқ-овқат ўсимликлари етиштирилди;
аввал паст самарали деб топилган 4842 гектар ер ўзлаштирилди;
1530 гектар ўрмон фонди ер участкалари онлайн-аукционлар орқали ижарага берилди;
Хитойдан 30 минг туп бруссонетия кўчати олиб келиниб, улар асосида 100 гектар майдонда экспериментал плантациялар ташкил этилди;
Арнасой туманида шўрга чидамли ўсимликлардан янги галофит боғини яратиш ишлари бошланди ва шу мақсадда Хитойдан 35 турдаги галофит ўсимликларининг 1315 килограмм уруғи импорт қилинди.