Наманганда “Кўмир таъминот” филиали раҳбарияти вакили 22,5 минг доллар пора билан ушланди

Наманган вилоятида “Кўмир таъминот” МЧЖ филиали раҳбарияти вакили фуқарони кўмир омбори мудири лавозимига тайинлаш ҳамда юк вагонлари сонини ошириш эвазига пора олган вақтида қўлга олинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 дек – Sputnik. Наманганда 40 минг доллар пора талаб қилган “Кўмир таъминот” МЧЖ мансабдори қамоққа олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамияти Наманган вилоят филиали бошлиғи ўринбосари ўзининг юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали фуқарони вилоятдаги туманлардан бирининг кўмир омбори раҳбари лавозимига тайинлаш ҳамда омборга келувчи кўмир ортилган юк вагонлари сонини кўпайтириб бериш эвазига 40 минг доллар талаб қилган.
Жорий йил 6 декабрь куни у сўралган маблағдан 25 минг долларни филиал ходими орқали олиб, тайинловни таъминлаган.

Кейинчалик эса қолган 15 минг доллар ҳамда 30 та вагон кўмир юборилгани учун 7,5 минг доллар, жами 22,5 минг долларни олган вақтида ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Кўрилган чоралар натижасида аҳолига кўмир маҳсулотларини ўз вақтида ва имтиёзли нархларда етказиб бериш йўлга қўйилди.
Кадастр, божхона ва электр соҳаси ходимлари коррупция ишлари бўйича қўлга олинди