ТОШКЕНТ, 24 дек – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иш ўринлари яратиш ва камбағалликни қисқартириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда вилоят бой табиий ресурслар ва инфратузилмага эга бўлса-да, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ва туризм соҳаларида имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани қайд этилди. Қазилма бойликлар қиймати 600 миллиард долларга баҳоланиб, бу салоҳиятнинг ҳатто 10 фоизи ҳам ўзлаштирилмагани таъкидланди.
Шу муносабат билан Сурхондарёни инвестиция, иш ўрни, аҳоли даромади ва экспорт суръатлари энг тез ўсадиган ҳудудга айлантириш вазифаси қўйилди. Келгуси йилда 114 та қазилма кон захираси асосида 3,2 миллиард долларлик 91 та лойиҳани бошлаш, шундан 2 миллиард долларлик қисмини ишга тушириш режалаштирилди.
Драйвер лойиҳалар инфратузилмасига 175 миллиард сўм ажратилиб, 36 та лойиҳа амалга оширилади ва 9 мингта иш ўрни яратилади. Шунингдек, туризм соҳасида меҳмонхоналар сонини кўпайтириш, янги йўналишлар очиш зарурлиги қайд этилди.
Келгуси йилда Ангор, Қизириқ, Термиз, Узун ҳамда ихтисослашган бошқа туманларда ҳам экспортни кўпайтириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди
Давлат раҳбари йўлларни таъмирлаш, уй-жой қуриш ва ижтимоий инфратузилмани яхшилаш бўйича ҳам кўрсатмалар берди.