ТОШКЕНТ, 24 дек – Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган иншоотларга нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш жараёнларини тезлаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Лойиҳага мувофиқ, битта объект бўйича якуний хулоса бериш муддати 150 кундан 50 кунгача қисқартирилмоқда.
Ваколатли ташкилотлар — 20 кун;
Жамоатчилик муҳокамаси — 10 кун;
Адлия органлари учун эса — 20 иш куни.
Ушбу ўзгариш қонуннинг 2028 йил 1 январгача амал қилишини инобатга олган ҳолда таклиф этилмоқда.
Шунингдек, амалиётда ҳуқуқни эътироф этишга тўсқинлик қилаётган асосий муаммолардан бири солиқ ва тўлов масаласи экани қайд этилди. Ҳозирда 243 мингдан ортиқ объектда солиқ қарзи мавжуд бўлиб, улар қонун доирасида ҳал этилмай қолмоқда.
Шу муносабат билан қуйидаги таклифлар илгари сурилди:
солиқ қарзи БҲМнинг 30 бараваридан ошмаса (12,3 млн сўм), ҳуқуқ эътироф этилиши мумкин;
1 марталик тўлов 20 иш куни ичида амалга оширилса, 50 фоиз чегирма берилади;
тўловни 1 йилдан 3 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.