Дарахт кесиш, ер ва қурилиш қонунбузарлиги, электр узилишлар космосдан назорат қилинади
© Depositphotos / RottenmanСпутник в космосе у Земли

© Depositphotos / Rottenman
Oбуна бўлиш
2026 йилдан экологияни назорат қилиш, электр узилишлари, ноқонуний дарахт кесиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ва бино қурилишларини аниқлаш учун космик мониторинг жорий этилади.
ТОШКЕНТ, 30 сен – Sputnik. “Иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик маълумотлардан фойдаланишни кенгайтириш ва қишлоқ хўжалиги қуйи бўғинида бошқарув тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони (ПФ–177-сон, 26.09.2025 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги (Агентлик) томонидан қуйидаги ҳолатларни аниқлаш мақсадида йилига камида 3 марта давлат космик мониторинги ўтказилади:
геология соҳасида – ер қаъридан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, шу жумладан, рухсатномада кўрсатилган ҳудуддан ташқарига чиқиш;
ер муносабатлари соҳасида – ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳамда уларда бино ва иншоотлар қуриш;
экология соҳасида – мавжуд чиқиндиларни сақлаш жойларида белгиланган ҳудуддан ташқарига чиқиш, шунингдек, ноқонуний янги чиқинди зоналари вужудга келиши.
2026 йил 1 мартдан белгиланган ваколатли органлар ўзи аниқлаган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича маълумотларни онлайн равишда тегишли контурлар кесимида рақамли кўринишда интеграция орқали SGM платформасига тақдим этиб боради.
Бунда маълумотлар огоҳлантириш берилгани, ҳуқуқбузарлик бартараф этилгани, ҳужжатлар прокуратура ва суд органларида кўриб чиқилаётгани тўғрисидаги белгиларни ўз ичига олади.
Ҳужжатда белгиланишича, 2026 йилдан ҳар календарь йил якунига қадар республика бўйича дарахтзорларнинг ноқонуний кесилишини космик мониторинг орқали аниқлаш йўлга қўйилади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Ўрмон агентлиги космик мониторинг маълумотлари орқали аниқланган дарахтзорлар ноқонуний кесилиши ҳолати бўйича:
- маълумот тақдим этилган кундан бошлаб 5 кун ичида жойига чиқиб ўрганиш ишларини ташкил этади ва тасдиқловчи ҳужжатларни интеграция орқали SGM платформасига киритади;
- белгиланган тартибда қонуний чоралар кўрилган кундан сўнг 1 кун ичида бу ҳақдаги маълумотларни Агентликка тақдим этади.
Бунда 2026 йил 1 мартдан ушбу маълумотлар интеграция орқали рақамли кўринишда SGM платформасига киритиб борилади.
2026 йил 1 мартдан бошоқли дон экинларидан бўшаган ер майдонларида сомонпоялар ва уларнинг қолдиқларини ёқиш ҳолатлари бўйича маълумот тақдим этилган кундан бошлаб 1 кун ичида жойига чиқиб ўрганиш ишларини ташкил этади.
2026 йилдан қуйидаги лойиҳалар синов тариқасида амалга оширилади:
энергетика соҳасида – электр узатиш тармоқларидаги носозликларни барвақт аниқлаш мақсадида 2026 йил 1 августгача Тошкент вилояти Бўка туманида юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари ҳолати аэрокосмик мониторингдан ўтказилади;
“яшил” энергетикани ривожлантириш мақсадида 2026 йил 1 октябргача Сурхондарё вилоятида қуёш панелларини жойлаштириш ва юқори самарадорликка эришиш имконияти мавжуд бўлган майдонлар аниқланади;
транспорт соҳасида – вазирлик томонидан темир йўллар ҳолатини тезкор назорат қилишга ўтиш мақсадида Агентлик имкониятларидан фойдаланган ҳолда 2026 йил 1 октябргача Тошкент–Ангрен йўналишидаги темир йўлда аэрокосмик мониторинг амалга оширилади.
2026 йил 1 июлдан ҳудудларда Агентликнинг аэрокосмик маълумотларидан самарали фойдаланиш ҳолати бўйича маҳаллий ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар рейтингини юритиш йўлга қўйилади.