Беруний 995 йилда яратган глобус Ўзбекистонда қайта тикланди

Илм-фани тараққиётида муҳим ўрин тутган Абу Райҳон Берунийнинг картография соҳасидаги йўқолган мероси замонавий илмий тадқиқотлар асосида қайта тикланди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 дек – Sputnik. Абу Райҳон Беруний томонидан яратилган, аммо бизгача етиб келмаган глобус Ислом цивилизацияси марказида илмий асосда қайта тикланди. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати маълум қилди.
Таъкидланишича, Беруний 995 йилда Хоразмнинг йирик илмий-маърифий марказларидан бири бўлган Кат шаҳрида яшаган даврида глобус яратган. Ушбу иш нафақат Шарқ, балки бутун жаҳон картографияси тарихида улкан илмий ютуқ сифатида баҳоланади. Чунки Беруний ясаган глобус назарий тасаввур эмас, балки аниқ ҳисоб-китоблар, геодезия ва астрономияга оид маълумотлар асосида ишлаб чиқилган амалий илмий асбоб бўлган.
Восстановлен глобус Беруни, созданный тысячу лет назад

Манбаларга кўра, олим илмий анъаналарни чуқур таҳлил қилган ҳолда ўз даври учун мутлақо янги бўлган — математик география тамойиллари асосида диаметри тахминан 5 метрга яқин глобус яратишга муваффақ бўлган. Афсуски, ушбу ноёб илмий асбоб бизгача етиб келмаган.

Абу Райҳон Беруний ўз асарларида Ернинг шарсимон эканини бир неча бор очиқ ва равшан баён қилади ҳамда бу хулосани илмий далиллар билан асослаб беради.
Олим глобус яратиш орқали аниқ илмий мақсадни кўзлаган. Унда географик объектларни жойлаштириш, аҳоли масканлари ўртасидаги масофаларни аниқлаш, шу асосда географик узунлик ва кенгликларни ҳисоблашни режалаштирган.
БМТ форуми доирасида Ислом цивилизацияси маркази ва UNAOC меморандум имзолади