Ўзбекистонда ҳаво сифати ҳафта охиригача ёмон ҳолатда бўлиши мумкин — Ўзгидромет

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида ҳавонинг тарқалиши қийинлашиб, атмосфера ҳолати ёмонлашиши мумкин. Бу ҳолат зарарли моддаларнинг ҳавода тўпланишига олиб келиши эҳтимоли бор.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 дек — Sputnik. Прогнозларга кўра, ёғингарчиликлардан сўнг ва об-ҳаво илиқлашиши фонида Ўзбекистонда ҳавонинг тарқалиши қийинлашган шароитлар — атмосфера инверсияси юзага келмоқда. Бу ҳақда мамлакат Гидрометеорология хизмати агентлиги хабар қилди.
Мутахассисларнинг тушунтиришича, атмосфера инверсияси — ер юзасига яқин ҳаво совуқ бўлиб қолиб, унинг устида илиқ ҳаво қатлами шаклланадиган ҳолатдир. Шу сабабли ҳаво яхши аралашмайди ва зарарли моддалар пастки қатламларда тўпланиб қолади.
Мазкур ҳолат республиканинг кўплаб ҳудудларида, айниқса Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида эрталаб, кечқурун ҳамда тунги соатларда кўпроқ кузатилмоқда.
Натижада чиқинди газлар, тутун ва бошқа ифлослантирувчи моддалар ҳавода узоқроқ сақланиб, ноқулай метеорологик шароит шаклланмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳудудининг табиий-географик жойлашуви ва рельеф хусусиятлари сабаб атмосфера инверсияси мамлакатда тез-тез кузатилади.
Дастлабки прогнозларга кўра, республика бўйлаб илиқ об-ҳаво ҳамда ҳаво тарқалишининг чекланиши билан боғлиқ мазкур ҳолат ҳафтанинг охиригача сақланиб туриши мумкин.
Агентлик маълумотларига кўра, ҳозирда Тошкент шаҳрида PM2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 64 мкг/м³ни ташкил этиб, рухсат этилган меъёрдан 1,1 баробар (60 мкг/м³) ошган.
Экология қўмитаси: совуқ антициклон оқибатида ҳаводаги заррачалар кўпаймоқда