ТОШКЕНТ, 22 дек — Sputnik. Россия билан Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши бўйича музокараларни якунлаш тўғрисидаги протокол имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг ЖСТ бўйича вакили Азизбек Урунов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берди.
"Бугун, 2025 йил 21 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Санкт-Петербургга амалий ташрифи доирасида Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири жаноб Максим Решетников билан биргаликда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши жараёнида икки томонлама бозорга кириш бўйича музокараларимизни якунловчи Баённомани имзоладик", - дея ёзди у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Қайд этилишича, музокаралар узлуксиз, мазмунли ва конструктив руҳда ўтган ҳамда ижобий натижа билан якунланган. Томонлар Россия Федерациясининг Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш жараёнида фаол иштирок этганини алоҳида таъкидлаб, музокараларда иштирок этган мутасаддиларга миннатдорчилик билдирди.
Шунингдек, Ўзбекистон раҳбарияти ҳамда миллий музокаралар гуруҳининг қўллаб-қувватлаши юқори баҳоланди. Айрим техник масалалар ҳали ҳал этилиши лозим бўлса-да, эндиликда кўп томонлама музокараларни илгари суриш, зарур қонунчилик янгиланишларини якунлаш ва келгуси йилда қўшилиш жараёнини муваффақиятли тугатишга асосий эътибор қаратилиши маълум қилинди.