ТОШКЕНТ, 21 дек — Sputnik. 19–20 декабрь кунлари "Green University"да “Экологик муаммоларнинг табиатга асосланган ечимлари” мавзусида III халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Очилиш маросимида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон иқлим ўзгариши, сув танқислиги, биохилма-хилликнинг йўқолиши каби муаммоларга дуч келаётганини таъкидлади. Анжуманнинг мақсади — экологик ислоҳотларни илмий-назарий асосда муҳокама қилиш.
Таъкидланишича, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида кўкаламзорлаштиришни 30%га, яшил энергетика улушини эса 54%га етказиш, Оролбўйида ўрмонзорлар ҳажмини кенгайтириш каби мақсадлар белгиланган.
Анжуманда маҳаллий ва хорижий мутахассислар атмосфера ифлосланиши, сув хўжалиги ва инновацион ечимлар бўйича маърузалар қилди. Шунингдек, анжуманда Термиз шаҳри мисолида ҳаво ифлосланишини баҳолаш ва бошқариш бўйича тавсиялар муҳокама қилинди.