ТОШКЕНТ, 19 дек – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Японияга расмий ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари, молия институтлари ва бизнес уюшмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Тадбирда Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири Рёсэй Аказава ҳамда йирик корпорациялар ва молия институтларининг топ-менежерлари иштирок этди.
Учрашувда президент Япония ишбилармонларини Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш, саноатлашувни тезлаштириш, илғор технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш самарадорлиги ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган лойиҳаларда фаол иштирок этишга таклиф қилди.
Шунингдек, энергетик барқарорликни таъминлаш, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, ўта муҳим минералларни чуқур қайта ишлаш, машинасозлик ва саноат ускуналарини ривожлантириш, ахборот технологиялари, жумладан, сунъий интеллект ва рақамлаштириш дастурларини амалга ошириш истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.
Яна бир муҳим йўналиш сифатида махсус иқтисодий зоналарни ривожлантириш ва уларни ишлаб чиқариш ҳамда саноат кооперацияси марказларига айлантириш белгиланди. Япония ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.