ТОШКЕНТ, 19 дек – Sputnik. 2026–2027 йилларда Конституциявий суд фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланди. Бу ҳақда президентнинг тегишли фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, қуйидаги чора-тадбирлар назарда тутилмоқда:
суд иштирокчиларини Конституциявий суд мажлисининг ўтказилиш вақти ва жойи ҳақида “Суд хабарномаси” электрон хизмати ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz)нинг мобил иловаси орқали электрон тарзда хабардор қилиш;
суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида, шу жумладан, мобил илова орқали ўтказиш;
суд мажлисларини аудиоёзув орқали қайд этиш ва баённомаларни электрон тарзда шакллантириш.
Шунингдек, 2027 йил 1 августдан Конституциявий суд фаолиятига “E-KSUD” ахборот тизими синов тариқасида жорий этилади. Ушбу тизим қуйидаги имкониятларни тақдим этади:
Конституциявий судга электрон шаклда мурожаат қилиш ҳамда мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиб бориш;
фуқаролар ва юридик шахслар учун одил судловга эришишда интерактив хизматлар кўрсатиш;
суд мажлисларини жонли эфир орқали намойиш этиш;
ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур шарт-шароитларни яратиш.