ТОШКЕНТ, 19 дек – Sputnik. Ўзбекистонда шахсларнинг мурожаатлари (шикоятлари)ни кўриб чиқиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқлар ва оворагарчиликларни бартараф этиш назарда тутилмоқда. Конституциявий суд фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган президентнинг тегишли фармони қабул қилинди.
Фармоннинг устувор мақсади сифатида фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий одил судловга эришиш, шунингдек, бузилган конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш имкониятларини кенгайтириш белгиланди.
Конституциявий судга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган фуқаро ёки юридик шахс томонидан йўлланган мурожаат мазкур судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган тегишли субъектга юборилади.
Агар мурожаат қилиш ҳуқуқига эга субъект томонидан шахс мурожаатида кўтарилган масала Конституциявий судга киритилмаса, муаллифга бу масалани киритиш учун асос мавжуд эмаслиги ёзма равишда тушунтирилади ва бу ҳақда Конституциявий судга ахборот тақдим этилади.
Конституциявий шикоят институти доирасида:
муайян иш бўйича суд томонидан қўлланилган қонун Конституциявий суд томонидан Конституцияга мувофиқ эмас деб топилган тақдирда, суд ҳужжатини белгиланган тартибда қайта кўриб чиқишга асос бўлади;
муайян иш бўйича қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мувофиқлиги масаласи судлар ташаббуси билан Олий суд орқали Конституциявий судга киритилган ҳолларда, тегишли иш юзасидан судда иш юритуви тўхтатилиши назарда тутилади.