ТОШКЕНТ, 17 дек — Sputnik. Тошкент шаҳрига автомобиллар киришига нисбатан ҳеч қандай чеклов ёки тақиқлар жорий этилмаяпти. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати пойтахт транспорт тизимини ташкил этишда режалаштирилаётган ўзгаришлар юзасидан берган изоҳида маълум қилди.
Қайд этилишича, назорат-ўтказиш пунктларининг бир қисми шаҳар ташқарисига кўчирилади, қолган қисми эса реконструкция қилинади. Ушбу ҳудудларда йирик автотураргоҳлар, кемпинглар, дам олиш жойлари ҳамда шаҳарга тез ва қулай етиб олиш имконини берадиган ривожланган жамоат транспорти инфратузилмаси барпо этилади.
Таъкидланишича, мазкур чоралар мажбурият эмас, балки қўшимча имконият ҳисобланади. Ҳайдовчилар ўз хоҳишига кўра автомобилни шаҳар киришида қолдириб, сафарни жамоат транспортида давом эттириши ёки аввалгидек шахсий автомобилида шаҳарга кириши мумкин бўлади.
Бундай “Park & Ride” модели дунёнинг етакчи мегаполисларида кенг қўлланилиб, транспорт оқимини камайтириш ва шаҳар муҳитини яхшилашга хизмат қилади.
Маълум қилинишича, ушбу чора-тадбирлар Тошкент шаҳрида транспорт юкламасини камайтириш, тирбандликларни қисқартириш ҳамда экологик ҳолатни яхшилашга қаратилган.