Аҳоли томонидан баҳолаш: яхши хизмат кўрсатмаган давлат ходими четлатилиши мумкин

Янги тартибга кўра, фуқаролар хизматдан фойдаланганидан сўнг 1 дан 5 гача баҳо қўяди ва фикр қолдириши мумкин
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 дек — Sputnik. Ўзбекистонда давлат хизматларини кўрсатиш сифати аҳоли томонидан баҳоланади: фуқаролар хизматдан фойдаланганидан сўнг махсус QR-кодни сканер қилиб, белгиланган мезонлар асосида 1 дан 5 гача баҳо ва фикр қолдиради. Ҳукумат қарори билан тегишли низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, давлат хизматидан фойдаланган фуқаролар хизмат кўрсатилгандан сўнг махсус QR-кодни сканер қилиш орқали белгиланган мезонлар асосида 1 дан 5 гача баҳо қўяди ва ўз фикр-мулоҳазаларини қолдириши мумкин.
Давлат хизматларини баҳолашда қуйидаги асосий мезонлар инобатга олинади:
хизмат кўрсатиш сифати;
хизматнинг ўз вақтида кўрсатилгани;
хизматдан фойдаланиш имконияти ва қулайлиги.
Қолдирилган 3 ёки ундан паст баҳо, шунингдек салбий фикрлар давлат хизматлари сифатини яхшилаш мақсадида автоматик тарзда тегишли ваколатли органларга ҳамда Адлия вазирлигига юборилади.
Мазкур ҳолатларга сабаб бўлаётган шарт-шароитлар ваколатли органлар томонидан ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Агар баҳолаш натижаларида ижобий ўзгаришга эришилмаса, Адлия вазирлиги томонидан масъул ходимларни давлат хизматлари кўрсатишдан четлаштириш масаласини кўриб чиқиш юзасидан ваколатли органга тақдимнома киритилади.
Шунингдек, баҳолаш натижалари асосида даврлар кесимида, ваколатли органлар ҳамда ҳудудлар (вилоятлар ва туман/шаҳарлар) бўйича рейтинг шакллантирилади. Ушбу рейтинглар ҳар чорак, ярим йиллик ва йил якуни билан кейинги ойнинг 15-санасига қадар Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) эълон қилиб борилади.
Президент қарори: тадбиркорларга 1000 тадан ортиқ хизмат “ягона дарча” асосида кўрсатилади