ТОШКЕНТ, 15 дек — Sputnik. АҚШнинг Род-Айленд штати, Провиденс шаҳрида жойлашган Браун университети ҳудудида содир бўлган отишма оқибатида Ўзбекистон фуқароси — талаба МуҳаммадАзиз Умурзоқов ҳалок бўлди. Бу ҳақда ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурхонов ўзининг Telegram каналида маълум қилди.
У марҳум талаба оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик ваколатхоналари марҳумнинг қариндошлари билан доимий алоқада бўлиб, АҚШнинг тегишли идоралари билан ҳамкорликда барча ташкилий ва ҳуқуқий масалалар бўйича яқиндан иш олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланган Браун университети (Brown University)да имтиҳонлар даврида кампус ҳудудида отишма содир этилган. Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 2 нафар шахс ҳалок бўлган, 9 нафар киши турли даражада жароҳат олган.
Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчи шахс аудиторияда ўқ отганидан сўнг ҳодиса жойидан қочиб кетган. Кейинчалик АҚШ ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган кенг кўламли қидирув операцияси натижасида отишмада иштирок этган деб гумонланаётган шахс қўлга олинган. У аввал АҚШ армиясида хизмат қилган, 20-30 ёшлар атрофидаги эркак экани маълум қилинди.