ТОШКЕНТ, 15 дек — Sputnik. 15 декабрь куни халқаро ҳамжамият илк бор Бутунжаҳон туркий тиллар кунини нишонлайди. Бу ҳақда БМТ Янгиликлар хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур сана жорий йил ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясида қабул қилинган қарор асосида белгиланган. Ташкилот буни тил хилма-хиллигини тан олиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоламоқда.
Сананинг танланиши рамзий аҳамиятга эга: 1983 йил 15 декабрда даниялик тилшунос Вилгелм Томсен VIII асрга оид Ўрхун ёзувларини ўқишга муваффақ бўлганини эълон қилган.
ЮНЕСКО маълумотларига кўра, туркий тиллар оиласига мансуб тиллар — озарбайжон, қозоқ, қирғиз, турк, туркман ва ўзбек тиллари — 200 миллион нафардан ортиқ инсон учун она тили ҳисобланади. Ташаббус Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон томонидан илгари сурилган бўлиб, 21 та давлат қўллаб-қувватлаган.
2025 йилдан бошлаб Бутунжаҳон туркий тиллар куни муносабати билан турли илмий ва маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.