Президент қарори: тадбиркорларга 1000 тадан ортиқ хизмат “ягона дарча” асосида кўрсатилади

2026 йил 1 мартдан тадбиркорларга давлат ва хусусий хизматларни “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатишга қаратилган “Бизнес ҳамроҳ” лойиҳаси амалга оширилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 дек — Sputnik. Тадбиркорлик субъектларига давлат, профессионал, консалтинг, молиявий, инжиниринг, маркетинг, медиа, IT ва операцион хизматларни комплекс тарзда кўрсатиш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тасдиқланди. Бу бўйича Президент томонидан тегишли қарор қабул қилинди.
Қарорнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди:
1000 тадан ортиқ давлат ва хусусий хизматларни “ягона дарча” тамойили асосида тақдим этиш орқали тадбиркорларнинг фаолиятига тўлақонли ҳамроҳлик қилиш;
тадбиркорлар муаммоларини эшитиш, муҳокама қилиш ва жойида ҳал этиш учун сифат жиҳатдан янги мулоқот майдонини яратиш.
Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 мартдан тадбиркорлик фаолиятига оид давлат хизматлари ва айрим хусусий хизматларни “ягона дарча” асосида кўрсатишга қаратилган “Бизнес ҳамроҳ” лойиҳаси амалга оширилади.
Лойиҳа доирасида:
Савдо-саноат палатаси ҳузурида ташкил этиладиган масъулияти чекланган жамият томонидан бошқариладиган “Бизнес ҳамроҳ” марказлари фаолияти йўлга қўйилади;
дастлабки босқичда марказлар Тошкент ва Нукус шаҳарларида, шунингдек, барча вилоят марказларида биттадан ташкил этилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 мартдан республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг тадбиркорлар билан мулоқот қилиш тартиби жорий этилади. Унга кўра:
раҳбарлар ҳар чоракда тасдиқланган режа-график асосида “Бизнес ҳамроҳ” марказларида тадбиркорлар билан учрашади;
режа-графиклар очиқ ҳолда электрон платформа ва расмий веб-сайтларда эълон қилинади;
платформа орқали келиб тушган мурожаатлар асосида раҳбарлар кейинги чорак режаларига тадбиркорлар билан учрашувларни киритади;
платформа орқали чорак давомида ҳудуддан камида 10 нафар тадбиркорнинг мурожаати йўналтирилган ташкилот раҳбарлари кейинги чорак режа-графигига ушбу ҳудуддаги тадбиркорлар билан учрашув ўтказишни киритади;
учрашувларда ва Call-марказ орқали қабул қилинган мурожаатлар “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот порталига жойлаштирилади.
Қайд этилишича, “Бизнес ҳамроҳ” марказлари зарур инфратузилмага эга бўлган давлат хизматлари марказлари биноларида жойлаштирилади.
Тадбиркорлар учун “ягона дарча”: Президент тақдимот билан танишди