Ўзбекистон ва ЕОИИ

Қирғизистон, Беларусь ва Арманистонга электромобиллар “растаможка”сиз олиб кирилади

ЕОИИ мамлакатлари 2026 йилда айрим аъзо давлатларга электромобиллар ва гибрид автомобилларни божхона божисиз олиб кириш бўйича келишувга эришди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 дек — Sputnik. Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари ҳукумат раҳбарлари 2026 йилда айрим аъзо давлатларга олиб кириладиган электромобилларни божхона божидан озод қилиш бўйича келишувга эришди.
Қарорга мувофиқ:
Беларусь — 20 минг дона электромобилга,
Арманистон — 15 минг дона электромобиль ва гибрид автомобилларга,
Қирғизистон — 15 минг дона электромобиль ва гибрид автомобилларга божхона божисиз импорт қилиш имконияти берилади.
Бу ерда гап “тоза электромобиллар” (фақат электр энергиясида ҳаракатланадиган авто) ҳамда “кетма-кет гибридлар” ҳақида кетмоқда.
Кетма-кет гибрид — бу автомобиль ғилдираклари электр двигатели орқали ҳаракатланади, бензин двигатели эса фақат аккумуляторни қувватлаш учун ишлайди.
Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) савдо вазири Андрей Слепнёвнинг таъкидлашича, бундай божхона имтиёзлари аввал ҳам ижобий натижа берган.
“Ушбу чора электромобиллар бозорини ривожлантириш, зарядлаш инфратузилмасини кенгайтириш ва экологик тоза транспорт улушини оширишга хизмат қилади”, — деди у.
Шу билан бирга, божхона божидан озод қилиш фақат Арманистон, Беларусь ва Қирғизистонда доимий яшовчи фуқароларга татбиқ этилади. Бунда олиб кирилган электромобилларнинг эгалик, фойдаланиш ёки сотиш ҳуқуқларини Қозоғистон ёки Россия фуқароларига ўтказишга рухсат берилмайди.
Қайд этилишича, кетма-кет гибрид автомобиллар бўйича ушбу чеклов Беларусь фуқаролари ва у ерда доимий яшовчи шахсларга нисбатан ҳам амал қилади.
Ўзбекистон ва ЕОИИ
Мишустин: ЕОИИ 2025 йилда асосий кўрсаткичлар бўйича муносиб натижаларни кўрсатди