ТОШКЕНТ, 15 дек — Sputnik. Қозоғистон декабрь ойида Ўзбекистон йўналишида нефть транзитини қайта тиклаб, 35 минг тоннагача нефть жўнатишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон магистраль нефть қувурлари оператори — “Казтрансойл” АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Компаниянинг маълум қилишича, 2025 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси йўналишида нефть транзити қайта йўлга қўйилади. Жорий ойда мазкур йўналиш бўйича 35 минг тоннагача нефть етказиб бериш режалаштирилган.
Шунингдек, оператор 2017 йилдан бери илк бор Қирғизистонга нефть етказиб бериш ноябрь ойида қайта тикланганини маълум қилди. Йил охиригача Қирғизистонга 30 минг тоннагача нефть жўнатиш режалаштирилмоқда.
Тушунтирилишича, нефть барча йўналишлар бўйича магистраль нефть қувурлари тизими орқали “Казтрансойл”га қарашли “Шағир” нефть қуйиш пунктигача етказилади. У ерда нефть темир йўл цистерналарига қуйилади.