ТОШКЕНТ, 14 дек — Sputnik. Австралиянинг Сидней шаҳрида жойлашган машҳур Бонди пляжи ҳудудида 14 декабрь куни кечқурун юз берган қуролли ҳужум натижасида камида 12 киши ҳалок бўлди, 29 киши яраланди.
Ҳодиса яҳудийлар байрами — Ҳанука муносабати билан ташкил этилган тадбир пайтида юз берган. Полициядаги манбаларнинг қайд этишича, ҳужумга бир неча ой тайёргарлик қилинган бўлиши мумкин.
Янги Жанубий Уэльс полицияси матбуот хизматига кўра, ҳужум содир бўлгани тўғрисидаги хабарлардан сўнг, махсус операция бошланган ва жамоатчилик ҳодиса жойидан узоқлашишга чақирилган.
"Ҳозирда ҳодиса жойида бўлган ҳар бир киши хавфсиз жойга яшириниши лозим. Полиция операцияси ҳали ҳам давом этмоқда", — дейилади полициянинг расмий баёнотида.
Полиция маълумотларига кўра, ҳужумда иштирок этган икки гумонланувчидан бири ҳодиса жойида қўлга олинган, иккинчиси эса отишма пайтида ўлдирилган. Ўткинчилардан бири эркакни қуролсизлантиргани ва унинг ўқотар қуролини тортиб олгани хабар қилинди.
ABC телеканалига кўра, ҳужумчилардан бири — Нарвид Акрам, у Сидней жануби-ғарбидаги Бонниригг туманида яшаган. Тергов доирасида унинг уйида тинтув ўтказилган.
Янги Жанубий Уэлс штати полиция комиссари Мал Ленион ҳодисани расман террорчилик акти сифатида баҳолади.
Маҳаллий манбаларга кўра, ҳужумдан сўнг ҳудудда қўлбола портловчи қурилма топилган ва у зарарсизлантирилган.
ОАВ хабарига кўра, ҳалок бўлганлар орасида австралиялик раввин (яҳудий руҳонийси) Эли Шлингер ҳам бўлган. У Ҳанука байрамида иштирок этган фаол диний шахслардан бири бўлган.
BNO News портали томонидан тарқатилган видеода икки киши қурол билан отишма олиб бораётгани акс этган. Ҳодиса аввалида ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарқалган видеоёзувлар одамлар ўртасида шовқин ва саросимага сабаб бўлди.