Метан “заправка”лар фаолиятига вақтинча чеклов киритилмоқда

Энергетика вазирлигига кўра, бу қўшни давлатдаги газ тармоғида кузатилган техник носозлик туфайли импорт қилинаётган табиий газ қисқаргани билан боғлиқ.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 дек – Sputnik. Ўзбекистонда метан “заправкалар” фаолиятига вақтинча чеклов киритилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, қўшни давлатдаги газ тармоғида кузатилган техник носозлик туфайли импорт қилинаётган табиий газ қисқаргани сабабли зарур чоралар кўрилмоқда.
Хабарда билдирилишича, биринчи навбатда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини (мактаб, мактабгача таълим ташкилотлари, шифохоналар, олий таълим муассасалари, иссиқлик электр стансиялари ва бошқалар) табиий газ билан барқарор таъминлаш бош вазифаларимиздан бири ҳисобланади.
“Шу боис аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа обектларида табиий газ босими пасайишини олдини олиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган режа-графикларга асосан метан заправкалар фаолиятига вақтинча чеклов киритилмоқда”, - дейилган хабарда.
Вазирлик бу зарурий чоралар вақтинча бўлиб, газ босимини меъёрга келтириш бўйича амалий ишлар олиб борилаётганини ҳамда ҳолат ҳақида қўшимча маълумот берилишини билдирди.
Қишда электр ва газ ўчмасин — президент йиғилишда яна қандай топшириқлар берди?