ТОШКЕНТ, 10 дек — Sputnik. Қорақалпоқ қўбизини ясаш ва унда ижро этиш санъати расман ЮНЕСКОнинг “Зудлик билан муҳофаза қилиниши лозим бўлган номоддий маданий мерос” рўйхатига киритилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Ушбу қарор Ҳиндистон пойтахтида ўтаётган ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш ҳукуматлараро қўмитаси 20-сессиясида бир овоздан қабул қилинди. Шу билан қўбиз санъати Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО рўйхатларига киритилган мерос элементлари сонини 16 тага етказди.
Қўбиз анъанавий равишда яхлит тут ёғочидан ясалади, от ёлидан қилинган икки торга эга бўлиб, ўзига хос чуқур ва бетакрор оҳанг яратади.
Қорақалпоқ жировлари — достончи ва шоирлар бўлиб, қўбиз жўрлигида достонлар ва тарихий ривоятларни ижро этади. Бу анъана халқнинг тарихи, дунёқараши ва маънавий меросини узлуксиз етказиб келаётган ноёб мусиқий-шеърий мактаб ҳисобланади.
Бироқ қўбиз ясовчи усталар ва ижрочи созандалар сафининг камайиб бораётгани туфайли ушбу санъат элементи йўқолиб кетиш хавфи остида қолмоқда.