ТОШКЕНТ, 10 дек — Sputnik. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (UNDP) ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Миллий марказ матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатни имзолаш маросими Халқаро инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан Инсон ҳуқуқлари уйида ташкил этилган тантанали тадбир доирасида бўлиб ўтди.
Меморандумни БМТТДнинг мамлакатдаги доимий вакили Акико Фудзии ва Миллий марказ директори Акмал Саидов имзолади.
Томонлар ўзаро ҳамкорликнинг умумий мақсади шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш ҳамда инсон ҳуқуқларига ҳурмат билан ёндашган ҳолда бизнес юритиш амалиётини жорий этишга қаратилган асосий ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашишдан иборат эканини қайд этишди. Бу, ўз навбатида, янада инклюзив, барқарор ва халқаро миқёсда рақобатбардош тадбиркорлик муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Таъкидланишича, бу Меморандум қашшоқлик ва тенгсизликка қарши курашишдан тортиб, сифатли таълимни таъминлаш, гендер тенгликни ривожлантириш, барқарор институтларни мустаҳкамлаш, одил судловга тенг ва адолатли эришиш каби устувор йўналишларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг аниқ механизмларини ривожлантиришга қаратилган.
Национальный центр по правам человека и ПРООН подписали меморандум
© Национальный центр РУз по правам человека
Ўзбекистон томони БМТ Тараққиёт дастурига миллий БРМ шарҳлари ва ҳисоботларини тайёрлашда кўрсатилган амалий ёрдам, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт ва инсон ҳуқуқларига риоя этиш ўртасидаги узвий боғлиқликни аниқ акс эттиришдаги кўмаги учун самимий миннатдорлик билдирди.
Маълумот учун: дунёнинг қарийб 170 та мамлакатида глобал мавжудликка эга бўлган БМТТД кўп жиҳатдан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мамлакат даражасидаги оператив бўлинмаси вазифасини бажаради. БМТТД барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш, қашшоқликни тугатиш, аёллар ҳуқуқларини илгари суриш ва имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, оқилона бошқарув ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш мақсадида кўплаб мамлакатлар билан ҳамкорликда иш олиб боради.