Ўзбекистонлик мигрантларга бепул ҳуқуқий ҳимоя: Петербургда меморандум имзоланди

Ҳужжатга кўра, Россия қонунчилиги бўйича бирламчи бепул юридик маслаҳатлар, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида фуқароларни ҳимоя қилиш тизими йўлга қўйилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 дек – Sputnik. Россияда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни назарда тутувчи меморандум имзоланди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Меморандум Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги Бош консулхонаси ташаббуси билан Ўзбекистон Миграция агентлиги ваколатхонаси, Санкт-Петербург Адвокатлар палатаси, “Санкт-Петербург” халқаро адвокатлар ҳайъати ҳамда Қирғизистон Бош консулхонаси ўртасида имзоланди.
Ҳужжатда меҳнат мигрантлари ҳуқуқларига оид масалалар бўйича бепул маъруза ва семинарлар ўтказиш, шунингдек маълумотнома ҳамда услубий материаллар билан ўзаро алмашиш назарда тутилган.
Таъкидланишича, бундай кўламдаги уч томонлама меморандумлар Россияда илк бор имзоланмоқда.
Россия ва Ўзбекистон мигрантлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш устида ишламоқда