ТОШКЕНТ, 7 дек — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига Конституция куни муносабати билан табрик йўлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўз табригида у Конституциянинг мамлакат сиёсий-ҳуқуқий ҳаётидаги ўрни, одамлар фаровонлиги ва ислоҳотлар самарасини таъминлашдаги аҳамиятини таъкидлаб ўтди.
Давлат раҳбари Конституцияда мустаҳкамланган халқ ҳокимиятчилиги, вакиллик демократияси ва қонун устуворлиги тамойиллари негизида парламент, маҳаллий Кенгашлар ва маҳалла институти фаолияти кенгаяётганини қайд этди. Жорий йилда парламент томонидан судлар фаолияти, инсон ҳуқуқлари, ёшлар, хотин-қизлар ва ижтимоий ҳимояга оид қонунлар қабул қилинганини таъкидлади.
Президент Маҳаллий Кенгашлар томонидан 25 мингдан зиёд масала кўриб чиқилгани, 14 мингга яқин депутатлик сўрови юборилганини қайд этар экан, 2026 йил 1 январдан туман ва шаҳарларда ҳоким ва Кенгаш раислари ваколатлари ажратилишини билдирди.
Мирзиёевнинг таъкидлашича, инсон қадрини юксалтиришга қаратилган ишлар амалий натижа бермоқда:
аҳоли жон бошига даромад 3 500 долларга етди;
мактабгача таълим қамрови 78 фоиз, олий таълим қамрови 42 фоизга етди;
ўртача умр кўриш даражаси 73,8 ёшдан 75,1 ёшга ўсди;
1 миллиондан ортиқ фуқаро камбағалликдан чиқди, камбағаллик даражаси 6,6 фоизга тушди.
Президент иқтисодий ислоҳотларнинг халқаро даражада ҳам эътироф этилаётганини қайд этди: Ўзбекистон БРМ индексида 19 поғона кўтарилди, Глобал инновация индексида Мaрказий ва Жанубий Осиёда кучли учликка кирди, S&P, Fitch ва Moody’s суверен кредит рейтингларини оширди. Шунингдек, ЮНЕСКО Бош конференциясининг 40 йилда илк бор Париждан ташқарида — Самарқандда ўтказилгани муҳим воқеа сифатида тилга олинди.
Мирзиёев ёшларда ҳуқуқий маданиятни ошириш, Конституция мазмун-моҳиятини чуқур ўргатиш муҳим вазифалардан бири эканини таъкидлади.
Табрик охирида давлат раҳбари барча фуқароларга тинчлик, фаровонлик ва бардавом омад тилади.