ТОШКЕНТ, 4 дек – Sputnik. Марказий Осиё бўйича сув хўжалигини мувофиқлаштириш давлат комиссияси 2025–2026 йиллар суғоришлараро даври учун сув олиш лимитлари ва сув омборлари иш режими бўйича келишувга келди.
Келишувга кўра, Амударёда умумий сув лимити 55,4 миллиард куб метр этиб белгиланди. Шундан 15,9 миллиард куб метри октябрь-апрель ойларига тўғри келади.
Давлатлар кесимида тақсимот:
Тожикистон – 9,82 млрд куб м;
Туркманистон – 22 млрд куб м;
Ўзбекистон – 22 млрд куб м (ўтган йилги билан бир хил).
Қўшимча равишда, дарёнинг қуйи қисмидаги назорат нуқтаси — “Керки” гидропостига 44 млрд куб метр сув оқими етиб бориши керак. Бу — давлатлар сув олгандан кейин ҳам дарёда қолиши шарт бўлган экологик ва гидрологик мажбурий оқим.
Орол денгизи ва Амударё дельтаси учун 4,2 млрд куб метр сув ажратилади, унинг ярми суғориш даврда берилади.
Шунингдек, санитар-экологик мақсадларда 800 млн куб метр сув белгиланган:
Дашоғуз вилояти – 150 млн куб м;
Хоразм вилояти – 150 млн куб м;
Қорақалпоғистон – 500 млн куб м.
Бу миқдор Оролбўйи экотизими ва ичимлик суви таъминотини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Сирдарё дарёсида вегетация даври учун умумий сув олиш лимити 4,22 млрд куб метр этиб белгиланди.
Давлатлар кесимида:
Қозоғистон – 460 млн куб м;
Қирғизистон – 47 млн куб м;
Тожикистон – 365 млн куб м;
Ўзбекистон – 3,34 млрд куб м (ўтган йилги билан бир хил).
Бу кўрсаткичлар прогноз қилинган оқимлар, сув омборларидаги мавжуд захиралар ва экологик талаблар асосида шакллантирилган.
Сув омборларидаги ҳолат
2024 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, сув омборларидаги умумий захира 15,52 млрд куб метрни ташкил этди.
2026 йил учун асосий сув омборларига кутилган оқим:
Тўқтағул сув омбори – 2,93 млрд куб м (норманинг 98%);
Андижон сув омбори – 884 млн куб м (норманинг 95%);
Чорвоқ сув омбори – 1,07 млрд куб м (норманинг 75%).
Умумий ёнбош оқим, яъни асосий дарёга келадиган “қўшимча сувлар” норманинг 71%, яъни 12,77 млрд куб метр бўлиши кутилмоқда.