ТОШКЕНТ, 3 дек – Sputnik. 2025 йил якунларига кўра Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 12 миллиард доллар даражасида кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 26-йиғилишида маълум қилди, дея хабар беради Sputnik мухбири.
Ходжаевнинг сўзларига кўра, 2024 йил якунларига кўра Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 11 миллиард доллардан ошди, бу 6 йил аввалгидан деярли икки баравар кўп.
“Жорий йил якунлари бўйича товар айирбошлаш ҳажмини 12 миллиард долларга етказишни кутмоқдамиз”, - деди бош вазир ўринбосари.
Шунингдек, Ходжаев 2025 йил январь-октябрь ойларида Ўзбекистоннинг Россияга экспорти 3,6 миллиард долларга етганини маълум қилди.
“Ўзбекистон ташқи савдоси таркибида Россия доимий равишда асосий шериклар қаторига киради ва мамлакат ташқи савдо айланмасининг тахминан 16 фоизини ташкил этади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Россиянинг энг йирик ўнта савдо шериклари қаторига киради. Бу бизнинг иқтисодий ҳамкорлигимиз бир томонлама эмас, балки ўзаро эканини кўрсатади”, - деди у.
Тошкентда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг 26-йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
26-е заседание Межправительственной российско-узбекской комиссии по экономическому сотрудничеству.
© Sputnik
Мажлис Ходжаев ва Россия ҳукумати раисининг биринчи ўринбосари Денис Мантуровнинг ҳамраислиги остида ўтказилмоқда. Мажлисда икки мамлакат вазирликлари ва идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этмоқда.