ТОШКЕНТ, 3 дек — Sputnik. Қозоғистон энергетика вазирининг “Электр энергияси учун чекланган тарифларни тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруқ лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталига жойлаштирилди.
Маълумотларга кўра, Қозоғистонда электр энергияси учун чекланган тарифлар энергия ишлаб чиқарувчи ташкилотлар гуруҳлари бўйича етти йиллик даврлар учун тасдиқланади. Зарурият туғилганда, уларга тузатишлар киритилиши мумкин.
“Мамлакатда тарифлар ўсишини вақтинча музлатиш тўғрисида қарор қабул қилингани учун 2026–2032 йилларга мўлжалланган чекланган тарифлар 2025 йил даражасида сақлаб қолинади”, — дейилади буйруқ лойиҳасида.
Шу билан бирга, тарифларнинг ушбу тарзда тасдиқланиши ягона харидор нархига таъсир қилмаслиги таъкидланмоқда. Янги тарифлар 2026 йил 1 январдан амалга киритилиб, 2032 йил охиригача амал қилади.
Лойиҳанинг жамоатчилик муҳокамаси 17 декабрга қадар давом этади.