ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигини (UzNADA) қўшимча назорат — “кузатув рўйхати”га киритди. Қарор Пусан шаҳрида бўлиб ўтган Ижроия қўмитаси мажлисида қабул қилинди.
WADA маълумотига кўра, UzNADA ушбу рўйхатга 2025 йил февраль ойида ўтказилган аудитда аниқланган бир қатор камчиликлар сабабли киритилган. Ташкилотга номувофиқликларни бартараф этиш учун тўрт ой муҳлат берилди.
UzNADA томонидан тузатиш чора-тадбирлари режаси тақдим этилгани қайд этилган.
“Кузатув рўйхати”га киритиш WADA томонидан расмий жазо ҳисобланмайди. Бу давлат антидопинг тизимидаги камчиликларни таъмирлаш учун берилган охирги имконият сифатида кўрилади. Агар тўрт ой ичида талаб этилган тузатишлар амалга оширилмаса, WADA расмий номувофиқлик ҳақида билдиришнома юбориб, тегишли санкциялар қўллаши мумкин.