ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Ўзбекистонда бино ва иншоотлар қурилишида инструментал-техник текширув хулосаларини тавсиявий тарзда бериш амалиёти бекор қилиниб, эндиликда фақат ижобий хулоса олинган тақдирдагина кўп квартирали уй-жойлардан фойдаланишга рухсат берилади. Бу чора-тадбирлар президент томонидан имзоланган фармонда белгиланган.
Шунингдек, фармонга кўра, ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш ва бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш, бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги ва сейсмик хавфсизлигини таъминлашда давлат назоратини кучайтириш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланди.
2026 йил 1 январдан қуйидаги тартиблар жорий этилади:
икки ва ундан юқори қаватли барча кўп квартирали уй-жойларни инструментал-техник текширувдан ўтказишга ихтисослашган лойиҳа ташкилотлари рўйхатини шакллантириш ва “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида уларнинг рейтингини юритиш;
“Шаффоф қурилиш” МАТда инструментал-техник текширув хулосалари асосида бино ва иншоотларнинг техник ҳолати мониторингини юритиш.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан қўшимча тартиблар:
Миллий норматив ҳужжатларга мос келмайдиган қисмлар учун компенсацияловчи чоралар асосида ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш фақат “Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш республика маркази” давлат муассасаси томонидан амалга оширилади;
Объектларнинг зилзилабардошлиги бўйича илмий ва лойиҳа ҳужжатларининг смета қисмидан ташқари экспертиза хулосаларини тавсиявий мазмунда бериш амалиёти бекор қилинади;
Зилзилабардошлик бўйича берилган салбий хулосалар лойиҳа ташкилотининг “Шаффоф қурилиш” МАТдаги рейтинг балларини камайтиришга асос бўлади;
Қурилиши бошланган кўп квартирали уй-жойларга қўшимча қават қўшиш ёки баландлигини ошириш мақсадида шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, архитектура-шаҳарсозлик кенгашларида кўриб чиқиш, экспертизадан ва қайта рўйхатдан ўтказиш тақиқланади;
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан ноқонуний қурилмаларни буздириш ишлари нархлари ҳар йил учун алоҳида белгилаб борилади.