ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Евроосиё иқтисодий комиссиясининг (ЕИК) Божхона ҳамкорлиги бўйича ҳайъати аъзоси Руслан Давидов ва Хитойнинг Россиядаги элчихонаси божхона маслаҳатчиси Чжоу Вэнь ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЕИК матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат давомида божхона соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, рақамли божхона тизимини ривожлантириш, шунингдек, Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари ва Хитой ўртасида товарларнинг узлуксиз транзитини таъминлаш бўйича механизмлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Иттифоқ давлатлари божхона хизматлари ва Хитой Бош божхона бошқармаси ўртасида маълумот алмашиш тўғрисида баённома тайёрлаш масаласи кўриб чиқилди.
"Ахборот алмашинуви божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва тезлаштириш, товар айланмасини “оқартириш” учун зарур", — деди Руслан Давидов.
ЕОИИ
Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) - 2015 йил 1 январдан фаолият юритиб келаётган халқаро иқтисодий бирлашма. Иттифоққа ҳозир Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзодир. Ўзбекистон 2020 йилда ЕОИИда кузатувчи мақомини олди. Молдова, Куба, Эрон ҳам кузатувчи мақомига эга.