Беш йилгача қамоқ: Ўзбекистонда электрон сигареталар тақиқланди

Тақиқни бузганлик учун 206 млн сўмгача жарима ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 ноя – Sputnik. Ўзбекистонда электрон сигареталарни ноқонуний ўтказганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.
Қонун билан Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, мамлакатда муомаласи тақиқланган тамаки маҳсулотлари, никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари, жумладан, электрон сигареталарни тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ўтказиш, ишлаб чиқариш Ўзбекистонга олиб кириш ёки ундан олиб чиқиш анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса:
БҲМнинг 300 бараваридан 500 бараваригача миқдорда жарима;
ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш;
ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бунда ушбу ҳаракатларни содир этган шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида ҳокимият органларига арз қилган ва муомаласи тақиқланган маҳсулотларни топширган тақдирда, жавобгарликдан озод қилинади.
Бундан ташқари “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонунда электрон сигареталар ва улар учун суюқликларнинг айланишига доир тақиқ белгиланди.
Сенаторлар бу қонун аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишга, миллат генофондини сақлашга ҳамда атроф муҳитни тамаки ва никотин маҳсулотларининг янги турларидан муҳофаза қилишга хизмат қилишини таъкидлашганди.
Мальдивда янги авлод учун тамаки чекиш тақиқланди