ТОШКЕНТ, 27 ноя – Sputnik. Коллектив хавфсизлик шартнома ташкилоти (КХШТ) Коллектив хавфсизлик кенгаши (КХК) сессиясида яқин истиқболга мўлжалланган коллектив хавфсизлик архитектурасини шакллантирувчи стратегик ҳужжатлар тўплами кўриб чиқилди.
Сессия Бишкекда Қирғизистон президенти Садир Жапаров раислигида бўлиб ўтди.
Кўриб чиқилган ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:
КХШТга аъзо давлатларнинг 2026-2030 йилларга мўлжалланган гиёҳвандликка қарши стратегияси;
2026-2030 йилларда КХШТга аъзо давлатларнинг ҳарбий ҳамкорлигини ривожлантириш режаси.
Ташкилотнинг таҳлилий салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида Коллектив хавфсизлик кенгаши КХШТ Котибияти тузилмасида Ахборот-таҳлил бошқармаси ташкил этилиши тўғрисида қарор қабул қилди. Янги бўлинма КХШТ масъулият ҳудудидаги вазиятни комплекс мониторинг қилиш ва прогноз қилишга мўлжалланган.
Шунингдек, сессияда КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши декларацияси қабул қилинди. Унда аъзо давлатларнинг минтақавий ва глобал хавфсизлик бўйича якдил позициялари акс этган ҳамда Ташкилотни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш йўллари белгиланган.
Коллектив хавфсизлик кенгаши қарорига кўра, 2026 йилда Ташкилотга раислик Россия Федерациясига ўтади.
Шунингдек, Коллектив хавфсизлик кенгаши Таалатбек Масадиковни уч йиллик муддатга — 2026 йил 1 январдан 2028 йил 31 декабргача — КХШТ бош котиби лавозимига тайинлади.