ТОШКЕНТ, 26 ноя – Sputnik. Ўзбекистонда амалда аҳамияти ва долзарблигини йўқотган 800 тага яқин қонунчилик ҳужжатлари “тартибга солиш гильотинаси” орқали бекор қилинади. Президент томонидан шу бўйича тегишли фармон имзоланди.
Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ушбу фармонга мувофиқ, тадбиркорлик ва бошқа соҳалардаги айрим мажбурий талабларни қисқартириш ҳамда тартибга солишни соддалаштиришга қаратилган “йўл харитаси” тасдиқланди.
Унда қуйидаги чора-тадбирлар назарда тутилган:
тадбиркорлар учун молиявий операцияларни “E-aktiv” тизимида акс эттириш мажбуриятини бекор қилиш;
кўчмас мулкка нисбатан гаров ҳуқуқини рўйхатга олишда давлат хизмати баҳосини 2 бараварга камайтириш;
шахсий эҳтиёж учун республикага олиб кириладиган товарларнинг божсиз олиб кириш нормаларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш;
ер участкасига бўлган ҳуқуқни ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра ўз вақтида рўйхатдан ўтказа олмаган ногиронлиги бўлган шахсларга муқобил ҳужжатлар асосида солиқ имтиёзларидан фойдаланиш имкониятини яратиш.