ТОШКЕНТ, 25 ноя – Sputnik. Украина бўйича таклиф этилган тинчлик режасининг асосий бандлари келишилгани маълум қилинди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Каролин Левитт маълум қилди, дея РИА Новости хабар берди.
"Охир-оқибат, асосий бандларнинг деярли барчаси келишиб олинди", — деди у.
Унинг сўзларига кўра, 23 ноябрда ўтказилган музокаралар пайтида Украина вакиллари Вашингтоннинг ташаббусини ижобий қабул қилган. Шу билан бирга, Оқ уй бу режани амалга ошириш учун Россиянинг розилиги ҳам зарур эканини таъкидлади.
"Жамоамиз россияликлар ва украиналиклар билан жадал ишлаяпти. Бу жараён шошилинчлик ҳисси билан кечмоқда", — деди Оқ уй матбуот котиби.
Левитт қолган масалалар ҳам ҳал қилинишига ишонч билдирди. Аввалроқ АҚШ маъмурияти Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича ташаббус ишлаб чиқилганини эълон қилган эди.
Хорижий ОАВ маълумотларига кўра, режа қуйидагиларни ўз ичига олади:
Донбасснинг барча ҳудудини Москва назоратига ўтказиш ва уни ҳамда Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олиш;
Запорожье ва Херсон вилоятларидаги тўқнашув чизиғининг катта қисмини музлатиш;
Украина Қуролли Кучлари сонини икки баравар қисқартириш;
Украинада хорижий қўшинларни жойлаштириш ва Россия ҳудудига зарба бера оладиган қуролларни ўрнатишни тақиқлаш.
23 ноябрь куни Женевада ЕИ, АҚШ ва Украина вакиллари учрашув ўтказиб, Европа ва Киев томонларининг Вашингтон таклифига киритган тузатишлари муҳокама қилинди.