ТОШКЕНТ, 25 ноя – Sputnik. “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида Тошкент вилоятида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси фош этилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
"Зангиота туманидан 1978 йилда туғилган А.А.нинг уйидан 5 кг, Қибрай туманида истиқомат қилувчи 1974 йилда туғилган Д.А.нинг хонадонидан эса 2 кг 326 грамм марихуана олинди", — дейилади хабарда.
Тергов маълумотларига кўра, ҳар икки шахс гиёҳвандлик моддаларини уй шароитида етиштириб, сотиш мақсадида сақлаб келган. Уларга нисбатан ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Яна бир ҳолатда Россиядан олиб келинаётган гиёҳвандлик воситаси ДХХ ва Божхона қўмитаси ходимлари томонидан тўхтатиб қолинди.
"Тошкент туманидаги “Навоий” чегара-божхона постига Қозоғистондан кириб келган, Тошкент шаҳрида яшовчи 1989 йилда туғилган А.А. ҳамда Фарғона вилояти Боғдод туманида истиқомат қилувчи 1994 йилда туғилган М.А.га тегишли икки дона редуктор текширилганда, уларнинг ичида 4 кг 965 грамм “Клефедрон” синтетик моддаси топилди. Тадбир давомида ушбу моддани қабул қилиб олган, уларнинг яна уч нафар шериклари — Э.Б., И.И. ва О.Ж. ҳам қўлга олинди", — деб хабарда қайд этилган.
Ушбу ҳолатлар юзасидан айбланувчиларга нисбатан ЖКнинг 246-моддаси 2-қисми ва 25, 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.