ТОШКЕНТ, 20 ноя – Sputnik. АҚШ президенти Дональд Трампнинг Украинадаги можарони тўхтатиш бўйича янги режаси 28 та банддан иборат бўлиб, ҳозирда Россия назорат қилмаётган шарқий ҳудудларнинг бир қисмини Москвага топширишни назарда тутади. Бу ҳақда "Axios" нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, бунинг эвазига АҚШ Украина ва Европага келажакдаги эҳтимолий тажовуздан узоқ муддатли хавфсизлик кафолатлари беришга тайёр.
АҚШ расмийларига кўра, Оқ уйда уруш давом этса, Киев бу ҳудудларни келишувсиз ҳам — шундоқ ҳам йўқотиши мумкин, шу боис Вашингтон бундай ечимни Украина учун нисбатан фойдали, деб ҳисоблайди.
Режанинг асосий таклифлари
Луганск ва Донецк устидан амалдаги назорат Россияга ўтказилади.
Бу ҳудудлар демилитаризация қилинади: Украина қўшинларини чиқаради, Россия эса ўз ҳарбийларини жойлаштира олмайди.
Запорожье ва Херсон вилоятидаги фронт чизиқлари музлатиб қўйилади.
АҚШ ва бир қатор давлатлар Қрим ва Донбассни Россиянинг бир қисми сифатида тан олади, лекин Киевдан тан олишни талаб қилмайди.
Режа Америка хавфсизлик кафолатлари эвазига Украина армияси сони ва унинг қуроллари узоқлигига чекловлар жорий этилишини назарда тутади.
Қатар ва Туркия ҳужжат устидаги ишга қўшилган бўлиб, манбаларга кўра, улар АҚШнинг воситачилик саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқда.
Таъкидланишича, Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа қўмитаси раҳбари Рустем Умеров АҚШ вакили Роберт Уиткофф билан лойиҳани муҳокама қилган ва унинг айрим фикрлари инобатга олинган. Шу билан бирга, Киев асосий шартларга рози эмаслигини, кўплаб бандларга эътироз борлигини билдирган.
Украина билан мулоқотдан олдин Уиткофф Россия президентининг махсус вакили Кирилл Дмитриев билан ҳам маслаҳатлашган.
Анқара Зеленский, Туркия ТИВ раҳбари Ҳоқон Фидан ва Уиткофф иштирокида уч томонлама учрашув ўтказишга тайёргарлик кўраётган эди, аммо музокаралар кейинга қолдирилди.
Украина томони учрашувни президент ҳужжатни Европа давлатларини ҳам жалб этган ҳолда кенгайтирилган форматда муҳокама қилишни таклиф қилгани билан изоҳлади. Қўшимча омил сифатида Украинада айни вақтда Зеленский атрофидаги айрим шахсларга дахлдор коррупция можароси авж олгани қайд этилмоқда.
Америкалик амалдорлардан бирининг айтишича, энди ташаббус тўлиқ Киев томонида. Унга кўра, агар Зеленский АҚШнинг янги режаси бўйича суҳбатни давом эттиришни истаса, Вашингтонга ташриф буюриши мумкин.
Шунингдек, режада Украина НАТОга қўшилишдан воз кечиши ҳам назарда тутилган.