ТОШКЕНТ, 19 ноя – Sputnik. Москва шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг йигирма тўртинчи мажлиси якунида иштирокчи мамлакатлар қўшма коммюнике қабул қилдилар.
Қуйида ҳужжатдан асосий баёнотлар келтирилади:
— ШҲТ доирасидаги ўзаро ҳамкорлик Евроосиёда тенг ва бўлинмас хавфсизлик архитектурасини шакллантириш учун асос бўлиши мумкин.
— Аъзо давлатлар халқаро ва минтақавий ривожланиш муаммоларини ҳал этишда блокли ва қарама-қарши ёндашувларни истисно этувчи йўналишга амал қилади.
— Аъзо давлатлар БМТ бошқарув органларида ривожланаётган мамлакатлар улушини ошириш, шу орқали ташкилотни замонавий сиёсий ва иқтисодий воқеликка мослаштириш зарурлигини таъкидладилар.
— Аъзо давлатлар шаффоф, инклюзив, тенг ҳуқуқли кўп томонлама савдо тизимини ҳимоя қилиш, глобал молиявий бошқарувни такомиллаштириш ва ривожланаётган мамлакатларнинг халқаро молия институтларидаги ролини кучайтириш тарафдори.
— Иқтисодий, ижтимоий ва экологик муаммоларни ҳал қилишда космик технологиялардан фойдаланиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, космик соҳада минтақавий мулоқот механизмларини ўрганиш таклиф этилди.
— ЖСТ марказий роли остида глобал иқтисодий бошқарув архитектурасини ва кўп томонлама савдо тизимини такомиллаштиришга содиқлик тасдиқланди.
— Аъзо давлатлар транспорт салоҳияти ва фуқаро авиациясини ривожлантириш, ШҲТ маконида транспорт-логистика ва транзит имкониятларини кенгайтириш бўйича чоралар кўришга келишиб олдилар.
— Делегациялар раҳбарлари атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни қўллаб-қувватладилар.
— Аъзо давлатлар минтақада бозорлар, таъминот занжирлари, тўлов операциялари, транспорт йўлаклари, логистика, инвестициялар ва технологиялар оқимларининг самарали ишлашини таъминлайдиган кенг очиқ иқтисодий маконни шакллантиришга ҳисса қўшади.
— ШҲТга аъзо давлатлар технологик мустақилликни таъминлаш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларга рақамли технологияларни жорий этишни жадаллаштириш тарафдори.
— Инвестиция соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш муҳим экани таъкидланди. Бу борада Инвестицияларга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ, Инвесторлар уюшмаси ва иқтисодий преференциялар базаси доирасидаги фаолиятни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.