ТОШКЕНТ, 19 ноя – Sputnik. Янги тартибга мувофиқ, енгил саноат корхоналарининг айрим харажатлари Енгил саноатни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан қоплаб берилади. Ҳукумат қарори билан тегишли низом тасдиқланди.
Низомга кўра, Жамғарма енгил саноат корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш тартибини белгилаб беради. Молиявий ёрдам икки асосий йўналиш бўйича ажратилади:
Халқаро брендларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш:
халқаро брендлар ва уларнинг эгалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича хизматлар;
сорсинг компаниялари хизматлари;
транспорт харажатлари (эконом класс);
Ўзбекистон ҳудудида меҳмонхона харажатлари;
таржимонлик хизматлари.
Малакали мутахассисларни тайёрлаш харажатларини қоплаш:
ўқув-тренингларда қатнашиш тўлови;
транспорт харажатлари;
меҳмонхона харажатлари.
Молиявий ёрдам олиш учун тадбиркорлар ариза ва зарур ҳужжатларни тақдим этади. Аризалар 7 иш куни ичида кўриб чиқилади, Агентлик эса қабул қилинган қарор ҳақида 1 иш кунида тадбиркорга хабарнома юборади.