Зилзилабардошлик оширилади: Ҳукумат лойиҳалаш ва илмий хулоса бериш тартибини янгилади

Объектларнинг зилзилабардошлигини оширишга қаратилган янги қарор қабул қилинди, унга кўра илмий хулосалар “Шаффоф қурилиш” тизимига интеграция қилиниб, лойиҳалаш амалиёти янгиланади
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 ноя – Sputnik. Ўзбекистонда бино ва иншоотларга зилзилабардошлик бўйича илмий хулосалар бериш "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимига интеграция қилинади.
Объектларнинг зилзилабардошлигини оширишга қаратилган шу ва бошқа чора-тадбирларни ўз ичига олган Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2025 йил 1 декабрдан зилзилалар кучини кўрсатиб берувчи минтақавий акселерограммалар базаларидан келиб чиқиб лойиҳалаштириш амалиёти йўлга қўйилади.
2027 йил 1 октябрга қадар MSK-64 шкаласи бўйича 8 ва ундан юқори балли сейсмик фаол зоналарда махсус сейсмик ҳимоялаш ускуналари ёрдамида лойиҳалаштиришга устуворлик бериладиган объектлар турлари тасдиқланади.
2026 йил 1 февралдан:
- Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 15 октябрдаги 603-сон қарори асосида бериладиган зилзилабардошлик бўйича илмий хулоса учун ундириладиган тўлов миқдори 50 фоизга қисқартирилади;
- бир хил серияли объектларга илмий хулосалар фақат 1 маротаба тўлов асосида берилади, қолган шу турдаги объектларнинг лойиҳаларига илмий хулоса бериш учун тўлов ундирилмайди.
Тошкентда МДҲ қурилиш соҳасида ҳамкорлик йиғилиши: нималар муҳокама қилинмоқда?