ТОШКЕНТ, 18 ноя – Sputnik. Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Афғонистоннинг “DABS” компанияси бош директори Абдул Бори Умар билан 2026 йилда электр энергиясини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар 17 ноябрь куни Тошкентда учрашиб, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди.
Музокаралар чоғида Афғонистон ҳудудида қурилаётган юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари ва подстанцияларнинг жорий ҳолати ҳамда ишлар суръатини тезлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Маълумот учун: DABS — Афғонистоннинг Миллий электр энергияси компанияси (Da Afghanistan Breshna Sherkat).