STEM-таълимни ривожлантириш учун ОТБ Ўзбекистонга $100 млн кредит ажратади

Учрашувда ОТБ томонидан кредит ажратилиши бўйича келишув имзоланди, шунингдек, Самарқандда ўтадиган йиғилишга тайёргарлик ва бир қатор ўрта муддатли ташаббуслар муҳокама қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 ноя – Sputnik. Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда STEM-таълимни модернизация қилишга қаратилган “Ўрта таълимда STEM” лойиҳаси учун 100 млн долларлик кредит ажратади.
Тегишли келишув бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаевнинг ОТБ президенти Масато Канда билан учрашувида имзоланди.
Учрашувда, шунингдек, 2026 йил май ойида Самарқандда ўтадиган ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг 59 йиллик йиғилишига тайёргарлик муҳокама қилинди. Ушбу жараёнини мувофиқлаштириш учун қўшма йўл харитасини тасдиқлаш таклиф этилди.
Шунингдек, молиялаштириш механизмларини кенгайтириш, иқтисодий зоналар инфратузилмасини ривожлантириш, аёллар ва ёшлар бандлигини қўллаб-қувватлаш, экспортга йўналтирилган корхоналарни рағбатлантириш каби ўрта муддатли ташаббуслар кўриб чиқилди. Томонлар 2026–2030 йиллар учун янги Ҳамкорлик дастури бўйича ҳам фикр алмашдилар.
Маълумот учун: STEM — табиий фанлар (Science), технология (Technology), муҳандислик (Engineering) ва математика (Mathematics) йўналишларини интеграция асосида ўқитиш тизими.
ОТБ — Осиё ва Тинч океани минтақасида фаолият юритувчи йирик халқаро молия банки бўлиб, унинг асосий акциядорлари АҚШ, Япония ва Хитой ҳисобланади.
ОТБ Ўзбекистонга $300 млн қарз ажратади