ТОШКЕНТ, 16 ноя – Sputnik. Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) ҳайъати йиғилишида Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатларининг 2026–2027 йилларга мўлжалланган макроиқтисодий сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаси маъқулланди. Бу ҳақда ЕИК матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши ўрта муддатли истиқболда аъзо мамлакатлар ялпи ички маҳсулоти ўсишини жаҳон иқтисодиёти ўсиш суръатларидан паст бўлмаган даражага олиб чиқиш учун зарур шароит яратиши кутилмоқда.
Лойиҳада қуйидаги устувор йўналишлар назарда тутилган:
қулай макроиқтисодий муҳитни шакллантириш, инвестицияларнинг ўсиши учун шарт-шароитлар яратиш, нархлар барқарорлигини таъминлаш, ўзаро ҳисоб-китобларда миллий валюталардан фойдаланиш улушини кўпайтириш;
иқтисодиётнинг реал секторида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Иттифоқнинг технологик ва инновацион салоҳиятини кенгайтириш, агросаноат мажмуидаги лойиҳаларни амалга оширишда молиявий кўмак механизмларини ривожлантириш, шунингдек транспорт инфратузилмаси ва транзит салоҳиятини кучайтириш;
Иттифоқ ички бозорининг барқарор ишлашини таъминлаш, техник тўсиқларни камайтириш ва ЕОИИ давлатларининг экспорт имкониятларини кенгайтириш.