ТОШКЕНТ, 14 ноя – Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги парламент делегацияси Душанбе шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Парламентлараро Ассамблеяси Кенгашининг мажлисида иштирок этди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.
Парламентская делегация Узбекистана приняла участие в заседании Совета Межпарламентской Ассамблеи СНГ
© Сенат Олий Мажлиса
Ташрифнинг биринчи куни Кенгаш мажлисининг кун тартибидаги масалалар кўриб чиқилди.
Парламентская делегация Узбекистана приняла участие в заседании Совета Межпарламентской Ассамблеи СНГ
© Сенат Олий Мажлиса
Мажлис давомида Россия Федерал Мажлиси Федерал Кенгаши раиси Валентина Матвиенко МДҲга аъзо давлатлар Парламентлараро Ассамблеясининг Кенгаши раиси лавозимига қайта сайланди.
Шу муносабат билан Нарбаева Матвиенкони табриклаб, бу қарор унинг МДҲ доирасидаги парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган самарали фаолиятининг юқори баҳоланиши эканини таъкидлади. Шу билан бирга, унга келгусидаги масъулиятли фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Шунингдек, 59-ялпи мажлисга тайёргарлик доирасида кун тартиби, регламент ва таҳрир ҳайъати таркиби тасдиқланди. 2025 йилда Тожикистоннинг МДҲдаги раислиги юзасидан ахборот эшитилиб, келгуси йилда раислик Туркманистонга ўтиши қайд этилди.
Мажлисда МДҲга аъзо давлатлар Парламентлараро Ассамблеяси доимий комиссиялари раислари тасдиқланиб, улар орасида Ўзбекистон номзоди – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси аъзоси Шуҳрат Шарафутдинов Маданият, ахборот, туризм ва спорт бўйича комиссия раҳбари этиб тасдиқланди.
Шунингдек, 2026 йил учун МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси иш режаси ҳам тасдиқланди. Унга кўра Кенгаш ва комиссиялар мажлислари, халқаро форумлар, сайловларни кузатиш ҳамда ёшлар ва маърифий дастурларни амалга ошириш режалаштирилган.
Қайд этилишича, Кенгаш мажлисида қабул қилинган қарорлар МДҲ давлатлари парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қонун ижодкорлигини мувофиқлаштириш ва турли соҳаларда интеграция жараёнларини ривожлантиришга хизмат қилади.