Янги тартиб: йўлланмасиз тиббий хизматлар пулли асосда кўрсатилади

Янги тартибга кўра, бирламчи тиббий ёрдамда кафолатланган пакетдан ташқари хизматлар йўлланмасиз мурожаат этилганда пулли асосда кўрсатилади
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда эндиликда мижоз тиббиёт муассасасига режали тиббий ёрдам олиш учун йўлланмасиз, ўз хоҳиши билан мурожаат қилса, тиббий хизматлар белгиланган тартибда пулли асосда кўрсатилади. Ҳукумат қарори билан тегишли низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, давлат томонидан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида кафолатланган пакет доирасида бепул кўрсатиладиган хизматлардан ташқари барча тиббий хизматлар қўшимча ҳисобланади ва пулли тартибда амалга оширилади. Мижоз тиббиёт муассасаларининг рўйхатга олиш бўлимлари томонидан қабул қилинади ва рўйхатга олинади.

"Ҳар бир мижознинг тиббий картасига унинг шахсини тасдиқловчи маълумотлар асосида пулли хизмат кўрсатилиши белгиланади. Мижозлар тиббиёт муассасасига тўловни олдиндан тўлиқ тўлаш шартларида қабул қилинади".

Тиббиёт муассасаларига келган шахслар тасдиқланган нархнома бўйича ҳақ тўлагандан сўнг маслаҳат олиш учун мутахассис шифокорга ва (ёки) инструментал-лаборатор ташхис қўйишга юборилади.
Текширув натижаларига кўра тор соҳа мутахассиси кўригига юбориш ва (ёки) мижозга амбулатор ёки стационар шароитда даволаниш чораси белгиланади.
Масофадан ёрдам, шаффофлик: Мирзиёев тиббиётни рақамлаштириш режалари билан танишди